Европа Иттифоқи баҳоргача йилига 1 миллион снаряд ишлаб чиқаришга эришмоқчи
Маҳсулотнинг 40 фоизи Европадан ташқарига экспорт қилинади.

Брюсселда Европарламент аъзоларига Европа Иттифоқининг Украинага ўқ-дори етказиб бериш мажбуриятлари мавзусига оид сессияси бўлиб ўтди. Унда Ички бозор бўйича Европа комиссари Терри Бретон Европа Иттифоқидаги мудофаа корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳияти 2024 йил баҳоригача йилига 1 миллион артиллерия снарядига етказишни режа қилаётганини маълум қилди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, келгуси йил охирига бориб бу кўрсаткич ҳатто 1,3-1,4 миллион снарядни ташкил қилиши мумкин. Бретон Европа Иттифоқининг 15 давлатидаги ҳарбий-саноат компанияларига ташриф буюрганидан сўнг шундай хулосага келганини таъкидлади.
Европа комиссарининг қўшимча қилишича, «муаммо шартномалар билан боғлиқ». Чунки маҳсулотларнинг қарийб 40 фоизи Европадан ташқарида учинчи мамлакатларга етказиб берилади. Барча ишлаб чиқарилган ўқ-дорилар Украинага ўтказилиши учун Европа Иттифоқи давлатлари махсус ишлаб чиқаришга устувор аҳамият бериши керак. Терри Бретоннинг таъкидлашича, бу айнан унинг таклифи эди, афсуски, Европа Иттифоқи кенгаши уни қўллаб-қувватламади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳозирда снарядларни ишлаб чиқариш бўйича етарли миқдорда шартномалар тузмаяпти.
«Биз Европа мудофаа бозорини босқичма-босқич қурмоқдамиз. Шартномаларнинг имзоланиши Украинага етказиб беришни тезлаштиради», — дея таъкидлади Бретон.
Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш тезлашмоқда. Европа Иттифоқи тезда қўшимча қувват яратиши мумкин, бироқ Украинага етказиб бериш учун биринчи навбатда сиёсий ирода керак.
Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар аллақачон Украинага умумий қиймати 27 миллиард евролик ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бу мисли кўрилмаган миқдор. 2022 йил март ойи охирида Европа кенгаши раиси Шарл Мишел шундай деди:
"Бизнинг мақсадимиз Украинага кейинги 12 ой ичида бир миллион снаряд етказиб беришдир. Европа Иттифоқининг ушбу қўшма ташаббуси ҳақиқий Европа мудофааси йўлидаги муҳим янги қадамдир".
Украина Қуролли кучларини ўқ-дорилар билан таъминлаш учун Европа Иттифоқи Европа тинчлик жамғармасидан 2 миллиард евро сармоя киритди. Украинага Европа Иттифоқи мамлакатлари захираларидан камида 300 минг дона ўқ-дорилар етиб келган. Брюссел мамлакатлар янги қўшма харидлар бўйича шартномалар тузганини маълум қилди, аммо Еврокомиссия уларнинг умумий миқдори ҳақида маълумот бермаган.







