Қатағон қилинган 170 нафардан ортиқ шахс оқланди
Кеча бу бўйича суд мажлиси бўлиб ўтган.

Кеча, 1 декабрь куни Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган 174 нафар шахсга оид жиноят ишини кўриб чиқди.
Олий судга 1930-1931 йилларда ҳозирги Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузиб, совет ҳокимиятига қарши қуролли қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий босмачилик ҳаракатини амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР фуқаролари бўлган 174 нафар шахсга оид 6 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.
2023 йил 1 декабрь куни очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 174 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилган.







