АҚШ Сенати 2024 йил учун мудофаа бюджетини қабул қилди
Ҳарбийларнинг маошлари рекорд даражада — 5,2 фоизга оширилмоқда.

АҚШ Сенати 886,3 миллиард долларлик миллий мудофаа қонунини маъқуллади. Бу ўтган йилга нисбатан 3 фоизга кўпдир. Сенатнинг 87 аъзоси уни қабул қилиш учун, 13 нафари эса қарши овоз берди. Лойиҳа Вакиллар палатасига юборилди. Бюджет ҳафта охиригача ҳар икки палатадан ўтиши ва имзолаш учун президент Байденга юборилиши кутилмоқда.
Қонун лойиҳаси Қўшма Штатларнинг мудофаа эҳтиёжлари учун йирик миқдорда маблағ ажратишни таклиф қилади. Лойиҳага кўра, ҳарбийларнинг маошлари рекорд даражадаги 5,2 фоизга оширилмоқда.
Мудофаа бюджети лойиҳасида Украинага 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатилган. Қонунчилар 2025 йилда зарурат туғилса, ушбу эҳтиёжлар учун бир хил миқдорда маблағ ажратиш ниятида. Умуман олганда, Киевга ёрдам 2026 йил охиригача узайтирилди.







