“Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри”
Мария Захарова Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги таклифга муносабат билдирди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш бўйича таклифига муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, Россия 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларга тўлиқ содиқ. Ўзаро мажбуриятларга кўра, ҳамкорлик суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган. Икки давлат вакилларининг МДҲ, ШҲТ ва БМТдаги фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш руҳи билан суғорилган.
"Юқоридагилардан келиб чиқилса, Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри ҳисобланади ва Россия Федерациясининг расмий позициясидан анча узоқда", — деди Захарова.







