АҚШ давлат котиби яна Яқин Шарққа боради
Энтони Блинкен Ғазо секторида уруш бошланганидан бери тўртинчи марта Яқин Шарқ мамлакатларига ташриф буюради.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен яқин кунларда Яқин Шарқ бўйлаб навбатдаги турнега боради. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер журналистларга маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бу олдиндан режалаштирилганидан узоқроқ сафар. Давлат котиби Исроил, Иордан дарёси Ғарбий соҳили, Иордания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрга ташриф буюради. Блинкен Яқин Шарқ давлатларидан ташқари Туркия ва Грецияга ҳам боради.
Миллернинг қўшимча қилишича, яқин кунлардаги музокаралар Ғазо секторига кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш, ҲАМАСдан қолган гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил — Фаластин можаросида тинч аҳоли ҳимоясини яхшилаш саъй-ҳаракатларига қаратилади.
"Блинкен ўз сафари давомида минтақа давлатлари можаронинг Ғазо секторидан ташқарида авж олишига йўл қўймаслик учун қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасида аниқ қадамларни муҳокама қилмоқчи. Можаронинг кенгайиши ҳеч ким учун фойдали эмас — на Исроил, на бутун Яқин Шарқ минтақаси, на бутун дунё учун", — деди Миллер.
Унинг сўзларига кўра, сафар давомидаги музокаралар осон кечмайди.
Эслатиб ўтамиз, Блинкен октябрь ойида Ғазо уруши бошланганидан бери Яқин Шарқ бўйлаб уч марта сафар қилган.







