BBC: Самарқанд — Марказий Осиёнинг “янги жавоҳири”
Буюк Британиянинг етакчи ОАВ — BBC ўз сайтида Самарқанд ҳақида мақола чоп этди.

BBC журналисти ўз мақоласида Самарқанд ҳақидаги ўз таассуротларини баён қилиб, унда янгидан барпо этилган “Silk Road Samarkand” мажмуаси ҳам тилга олинган.
“Silk Road Samarkand” туризм мажмуаси – Амир Темур орзу қилгани каби улуғвордир. Саккизта осмонўпар замонавий, ҳашаматли меҳмонхоналар ва соғломлаштириш марказлари бинолари Совет Иттифоқи даврида бир қатор чемпионларни тарбиялаган эшкак эшиш спортида фойдаланилган кенг канал атрофида тўпланган”, — дейилади мақолада.
Шунингдек, шаҳарнинг Шоҳи Зинда каби тарихий бинолари, бозорлар ва замонавийликка уйғун машҳур сайёҳлик марказлари ҳақида сўз юритилади.
BBC мухбири мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳам қайд этиб ўтган. Мақолада у суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш ҳамда очиқлик ва бағрикенглик сиёсати билан янги Ўзбекистоннинг барпо этилаётганини қайд этган.
“Бир пайтлар миллионлаб ўзбекларни (жумладан, болаларни) далага пахта теримига мажбурлаган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилган”, — дейилади мақолада.
Мақолани тўлиқ бу ерда ўқишингиз мумкин.







