Самарқандда бозор раиси ҳибсга олинди
Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича маълумот берди.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги бозор раиси қамоққа олинган.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқда Пахтачи туманидаги бозорга раис этиб тайинланган G.A.ning қамалганидан онаси T.Алиева норози бўлиб видеомурожаат қолдирган. Г.A. ва В.Н. жамият ишчи ходимларининг 113 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақларини уларга тўлаб бермасдан, жамият штатлар жадвалида мавжуд бўлмаган 8 нафар ишчи ходимларга 13 миллион 781 минг сўм иш ҳақи ташлаб бериб, тасдиқланган штатлар жадвалига нисбатан ходимларга 24 миллион 594 минг сўмлик ойлик иш ҳақини ортиқча ҳисоблаб, ушбу пул маблағларини талон-торож қилишган. Бундан ташқари, терговда вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси томонидан берилган 68 миллион 250 минг сўмлик маҳсулотларни талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Департаментнинг Пахтачи тумани бўлими томонидан "Пахтачи деҳқон бозори" МЧЖ раҳбари G.A. ва жамиятнинг бош ҳисобчиси V.N.ga нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, 2 нафар гумонланувчига нисбатан суднинг ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ушбу жиноят иши бўйича Пахтачи тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судига юборилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича суд муҳокамаси олиб борилмоқда.







