Тожикистон Халқаро жиноят судидан чиқмоқда: БМТга билдиришнома юборилди
Мамлакат 2027 йил ноябридан статут иштирокчиси бўлмайди.

Тожикистон Халқаро жиноят судининг Рим статутидан чиқиш тўғрисида БМТга расмий билдиришнома юборди. Бу ҳақда ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш баёнотида маълум қилинган.
TASS хабарига кўра, Тожикистон 20 ноябрь куни Рим статутидан чиқиш нияти ҳақида БМТни хабардор қилган. Қарор расмий билдиришнома олинганидан бир йил ўтиб, 2027 йил 20 ноябрда кучга киради.
Тожикистон Рим статутига 1998 йилда имзо чеккан ва 2000 йилда уни ратификация қилган. Ҳужжатга мувофиқ, иштирокчи давлат БМТ Бош котибига ёзма билдиришнома юбориш орқали статутдан чиқиши мумкин. Бундай қарор билдиришнома олинганидан бир йил ўтгач кучга киради.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар хизмати Россия президенти Владимир Путин 2025 йил октябрь ойида Душанбега давлат ташрифи билан келганида Тожикистон Халқаро жиноят суди олдидаги мажбуриятларини бажармаганини билдирган эди.
Маълумот учун, Халқаро жиноят суди 1998 йилда қабул қилинган Рим статути асосида ташкил этилган. У БМТ таркибига кирмайди ва ўз фаолиятини статутни ратификация қилган давлатлар доирасида амалга оширади.








