"Яллама" чегара божхона постида ҳужжатсиз товарлар фош бўлди
Mercedes Benz автомобилида 1 млрдлик симсиз портатив динамиклар борлиги аниқланган.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона пости орқали “Mercedes Benz” русумли юк автотранспорт воситасида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинаётган юклар божхона назоратидан ўтказилди.
Божхона пости ходимлари ҳамда божхона аудит бўлими ходимлари томонидан ташкилотнинг ишончли вакили ҳамда холислар иштирокида ўтказилган божхона кўриги давомида, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, қиймати 1 млрд. 150 млн. сўмлик 30 дона симсиз портатив динамиклар борлиги аниқланди.
Жисмоний ва юридик шахслар амалдаги тартибларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтишда ўзлари билан олиб кетаётган товар вa моддий бойликларни белгиланган меъёрлар асосида ишончли вa тўғри декларацияланиши учун қонун ҳужжатларга мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.







