Янги Ўзбекистон сиёсатида Учинчи ренессанс талқини
Шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда.

Ўзбекистон халқининг кўп асрлик бой тарихига назар ташлар эканмиз, унда тараққиёт чўққиларини забт этишнинг машаққатли босқичларини кўриш мумкин. Бу босқичларда давлатчилигимизнинг шаклланиши, жамиятда илму фан, санъат ва маданиятнинг юксалиши, буюк сиймоларнинг ўз ижодида эришган ютуқлари жаҳон тамаддунининг ривожига ҳисса қўшишдек ифтихорли жараёнлар гавдаланади.
Ўзбекистон тарихининг биринчи Ренессанси - Сомонийлар даврига тўғри келиб, ушбу даврда буюк аждодларимизнинг яратган илмий-фалсафий асарлари ва оламшумул кашфиётлари ислом цивилизациясига тамал тоши бўлди. Ижтимоий соҳанинг ҳар томонлама ривожланиши, жамиятдаги муносабатларнинг муайян тартиб-тамойиллар асосида қурилиши, шаҳару вилоятларнинг иқтисодий-маданий ривожланиши, илму маърифатнинг марказлашуви сингари муҳим жараёнлар ўрта асрларда юртимизда давлатчиликнинг ўзига хослигини белгиловчи тамойиллардир.
Иккинчи Ренессанс – Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат Моварауннаҳр, балки бутун Марказий Осиё ўлкалари ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилади. Амир Темурнинг ҳаётлик вақтида давлат бошқаруви ҳақида сўзловчи “Темур тузуклари” номли махсус асар ёзилган. Асар икки қисмдан иборат бўлиб, Ўрта асрнинг бебаҳо тарихий манбаси ҳисобланади. Унда Темурнинг ҳаётий воқеалари билан боғлиқ таржимайи холи, атоқли давлат арбоби ва саркарданинг ҳарбий санъатга бўлган нуқтайи назари, давлат тузилиши ва бошқаруви кабилар баён қилинган. Бу даврда давлатчилик асослари такомиллашиб, шаҳарсозлик ва меъморчилик авж олди, халқаро савдо ва дипломатик алоқалар жадаллашди. Шунингдек, бу даврда фан, маданият ва санъат соҳаларининг ривожланиши ҳамда тафаккур доирасининг юксалиши намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг: “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда”, - деган сўзи янгради.
Тарихга назар соладиган бўлсак инсоният кўрган барча Ренессансларга — Йвропа, Ислом, Марказий Осиёдаги уйғониш даврларининг барчасига бирдек хос бўлган хусусият антропотсентризмдир. Уларнинг барчасида фан, таълим ва маданият гуманистик ғояларга таяниб, авваламбор, дунёвий характерга, рационал мазмунга эга бўлган. Илмий изланиш, маданият ва санъат ижоди марказида ҳазрати инсон, унинг ҳаёти ва фаолияти, фикр ва ҳиссиётлар, умид ва истаклар, муаммо ва зиддиятлар гавдаланган. Бундан хулоса шуки, Ренессанс инсон эҳтиёжлари, эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлашдан бошланади.
Бежиз эмаски, сўнгги тўрт йил мобайнида бу соҳага мамлакатимизда алоҳида эътибор берилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришган йилларимизнинг илк даврида биз ўзимизнинг миллий ўзлигимизни англаш, бой тарихий-маънавий ҳамда илмий меросимизнинг асл мазмун-моҳияти мағзини чақиш ва уни рўёбга чиқаришга интилган бўлсак, эндиликда халқимиз жипсланиб “миллий тикланишдан – миллий юксалиш” ғоясини собит қадамлик билан амалга оширишга киришди.
Хулоса шуки, Ўзбекистонда бугун жадаллик билан кечаётган ана шундай ислоҳотлар, жамиятдаги янгиланишлар мамлакатда кезаётган уйғониш руҳидан далолатдир. Учинчи Ренессанс узоқ истиқбол масаласи эмас. У бугун, ушбу онда жамиятимиз, унинг ҳар бир жабҳасида муттасил этилиб келаётган реал воқеликдир. Ишончимиз комилки, юртимизда бошланган бу янгиланишлар изчил давом этади ва халқимиз орзу қилган буюк давлат, фаровон келажак барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлади.
Рўзиева Муҳсина Содиқ қизи
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети таянч докторанти







