“Бу китобларни ноёб илмий иш дея баҳолаш мумкин”
Акмал Саидов “Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида” китоб-альбоми ҳақида фикр билдирди.

Кеча “Sevimli” телемедиа-мажмуасининг анжуманлар залида “Маданий мерос – Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўприк” медиа-тадбири бўлиб ўтгани ва унда янги “Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилганди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси таҳрир ҳайъати раиси Акмал Саидов китоб ҳақида ўз фикрларини билдирди:
“Ўзбекистон ва Италия муносабатларининг энг муҳим йўналиши бу маданий-гуманитар алоқaлардир. Чунки Италия Европада уйғониш даврининг ватани бўлган бўлса, Ўзбекистон, Мовароуннаҳр Шарқ уйғониш даврининг биринчи ва иккинчи босқичларининг ватани ҳисобланади. Буюк Геглнинг шундай гапи бор: “Уйғониш Шарқдан бошланади”. Ўзбекистон маданий мероси бутун дунё бўйлаб кенг ёйилган, Францияда ташкил этилган Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан, маданий меросимизни ўрганиш, тўплаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Бутунжаҳон жамияти томонидан чоп этилаётган китоблар дунёнинг энг етук олимлари, шарқашунос мухатассислари муаллифлигида яратилади. Бу китобларни Шарқ уйғониш даврининг биринчи ва иккинчи босқичдаги маданий меросимизни ҳозирги замон ўқувчисига етказишдаги ноёб илмий иш дея баҳолаш мумкин. “Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида” китоб-альбоми чоп этилишида ҳам Ўзбекистон маданий мероcига бефарқ бўлмаган 20 дан ортиқ олимлар иштирок этган”.







