Британияда Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси тузилади
Унинг очилиш маросими бугун бўлиб ўтган.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини рағбатлантириш доирасида Буюк Британияда Ўзбекистонлик талабалари уюшмаси (ЎзТУ) ташкил этилади.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида бир гуруҳ ватандош талабалар томонидан амалга оширилаётган ушбу ташаббус Буюк Британиядаги университетларда таҳсил олаётган мамлакатимиз ёшларини бирлаштириш, уларнинг билим олишлари учун қулай ва фаолиятнинг турли соҳаларида фаол иштирок этишлари учун универсал платформа яратишга қаратилган.
Айни пайтда Буюк Британиянинг Оксфорд, Кембриж, Эдинбург, Лондон Иқтисодиёт мактаби, Лондон Империал коллежи каби нуфузли университетларида 600 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Шундан 120 нафари "Эл юрт умиди" жамғармаси стипендиантларидир.
Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг касбий ва шахсий ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги маданий-маърифий алмашинувни ривожлантиришга кўмаклашади. Бундан ташқари, ташкилотнинг ташкил этилиши талабаларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик қилиши, тажриба ва билим алмашиши, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Ўзбекистонлик талабалар уюшмасининг расмий очилиш маросими бугун, 2 март куни мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонасида бўлиб ўтган. Тадбир доирасида талабалар ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилади.
Мазкур уюшманинг ташкил этилиши талабаларнинг нафақат сифатли таълим олиш ва малака оширишга интилиши, балки Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларини ривожлантиришда ёшларнинг роли ортиб бораётганидан далолатдир.







