Ўзбекистон

Президент Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига борди

Давлат раҳбарига соҳада қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида ахборот берилди.

Президент Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига борди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлиб, соҳадаги режалар тақдимоти билан танишди.

 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги бу агентлик ўсимликлар карантини, ҳимояси ва агрокимё соҳаларида давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Шунга мувофиқ, тупроқ, ўғитлар ва  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибини таҳлил қилади, зарарли организмлар кириб келиши ва тарқалишига қарши курашиб, фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштирилишини таъминлайди. 

 

Сўнгги йилларда соҳада 7 та янги ахборот тизими жорий қилиниб, 40 та йўналиш рақамлаштирилди. Халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг 20 миллион долларга яқин грант маблағлари жалб этилиб, лаборатория ва ускуналар янгиланди. Ҳудудлардаги стационар ва мобил лабораториялар орқали 1 миллион 40 минг гектар ернинг тупроқ таҳлили ўтказилиб, минерал ўғитларни қўллаш меъёрлари илмий асосда белгиланди ва “uzagrolab.uz” дастурига киритилди. Ундаги маълумот ва тавсиялар орқали фермерлар дала ва боғларга аниқ ишлов бермоқда.

 

Бундай чора-тадбирлар мева-сабзавотларимиз сифати ва хавфсизлигида муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда 80 та давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун 620 та фитосанитар рухсатлар олинган. “GSP+” тизими доирасида 200 минг гектар майдон халқаро талабларга мослаштирилган. 2023 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экспорт қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган. Лекин аслида экспорт салоҳияти бундан анча кўп.

 

Шу йил 18 январь куни экспорт ва саноат масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчилик соҳасидаги чора-тадбирлар ҳам белгиланган эди. Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига экспортбоп маҳсулотлар экилишини ташкиллаштириш ҳамда янги салоҳиятли бозорлар топиш бўйича вазифа қўйилганди.

 

Тақдимотда шу борада қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида ахборот берилди.

 

Лойиҳалардан бири “Агрокўмакчи” мобил иловаси бўлиб, унда ўсимликлар ҳимояси, бу соҳадаги хизматлар, фойдали маълумотлар, экспорт бўйича маслаҳатлар билан танишиш мумкин.

 

Asiaexport.sе платформаси эса юртимиздаги экспортчилар билан чет элдаги харидорларни ўзаро боғлайди. Унда нафақат мева-сабзавотлар ва қуритилган мевалар, балки шарбатлар, уй-рўзғор буюмлари, қандолатчилик, тўқимачилик, чармдўзлик ва фармацевтика маҳсулотлари каби кенг турдаги товаларлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.

 

Агентликнинг халқаро ePhyto solution инновацион тизими доирасидаги ҳамкорлиги ҳақида ҳам ахборот берилди. Бу тизим орқали 119 та мамлакат билан фитосанитар сертификатлар электрон шаклда алмашилмоқда. Жорий йилда яна 8 та давлатга 25 турдаги маҳсулот бўйича фитосанитар рухсатнома олинади.

 

Шу каби чора-тадбирлар натижасида бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.

 

Давлат раҳбари бунинг учун, аввало, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш, фермер ва деҳқонларнинг хабардорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.

 

– Бу соҳада ҳуқуқий замин бор, кўп давлатлар билан келишувларга эришганмиз. Лекин экспортчилар маҳсулотини қийинчилик билан сотяпти. Шунинг учун экспортчилар билан доимий “мулоқот майдони”ни ташкил этиш керак. Ҳокимлар ҳудудда етиштирилаётган маҳсулотлар, элчилар ташқи бозордаги талаб ва нархлар билан экспортчиларни таништириб бориши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Президентимиз мева-сабзавотларни қадоқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

 

– Қадоқлар халқаро стандартларга мос, замонавий дизайнда, саноатлашган тарзда бўлиши керак. Ўшанда сифат бўлади, миллий бренд яратилади, қўшилган қиймат ҳам баланд бўлади. Шунинг учун экспортчиларга тўғри, тартибли ва чиройли қадоқлашни ўргатиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

 

Маҳсулотлар яроқсиз бўлиб қолмаслиги, экспортга сифатсиз маҳсулот қўшилиб кетмаслиги учун тизимли ишлаш муҳимлиги айтилди.

 

– Бу борада ҳам кластер тизими бўлиши керак. Таълимдан бошлаб, маҳсулотларни экиш, ўғитлаш, териб олиб, саралашгача бўлган ҳамма босқичларни ўзаро мувофиқ ва юқори сифатда йўлга қўйиш зарур, – деди Президент.

 

Вазирлар Маҳкамасига ушбу тизимни такомиллаштириш ва экспортни режали ташкил этиш учун 3 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтириш муҳимлиги айтилди.

 

Давлат раҳбари агентликнинг замонавий лабораторияси билан танишди. Лабораториянинг илмий салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илмий ютуқларни ўзлаштириб, соҳага тегишли идораларда тезкор татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Шу ерда агрокимё тизимида қўлланаётган техника ва ускуналар ҳам намойиш қилинди.

 

Қайд этилганидек, чет элдан юқори самарали энтомофаглар олиб келиниб, зараркунанда ҳашаротларга қарши янги турда кураш йўлга қўйилган. Тажрибали экспертларни жалб этган ҳолда ҳар бир маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказиб бериш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилган. 10 та кўчма лаборатория ташкил этилган.

 

Бу йил ҳудудларда 10 та кўчма лаборатория ташкил қилинади. 6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилади. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнлар рақамлаштирилиб, сифатсиз пестицидларнинг юртимизга олиб келиниши ва ноқонуний савдосига барҳам берилади.

 

Президент тизимдаги мутахассислар малакасини ошириш, ҳар бир фермер ва томорқа эгаларига етиб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева замонавий ва яшил шаҳарларни барпо этишда янги авлод архитекторлари, лойиҳачилари ва муҳандисларини тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Миллий терма жамоа 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали билан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.

Президент Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига борди | Zamon.uz