Ёшлар етакчисига қўшимча вазифалар юклатилмоқда
Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Кеча, 20 март куни “Маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, маҳалладаги ёшлар етакчисига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:
— маҳалла ёшларини оммавий ва профессионал футболга қизиқтириш, шунингдек, бу борада турли тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш;
— маҳаллаларда мавжуд бўлган футбол бўйича спорт иншоотлари ҳамда бошқа спорт майдончаларидан тизимли ва самарали фойдаланилишини ташкил этиш;
— маҳаллада футбол бўйича эркаклар ва аёлларнинг турли ёш тоифалари кесимидаги “маҳалла терма жамоа”ларини шакллантириш ҳамда уларни тайёрлашни ташкил этиш;
— маҳалла ёшларининг футбол билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитлар яратилганлигини таҳлил қилиб бориш ҳамда футболни ривожлантириш бўйича спорт-таълим ташкилотлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш;
— маҳаллалардаги ёш иқтидорли футболчиларни аниқлаш ҳамда уларни профессионал футбол таълим муассасаларига йўналтириб бориш;
— маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш, спорт инвентарлари билан таъминлаш ва маҳалла терма жамоаларига қўшимча шарт-шароитларни яратиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклифлар киритиш.







