Андижондаги ЙТҲда 2 ҳайдовчи ҳалок бўлди
Воқеа Cобалт ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини бузиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиққани оқибатида содир бўлган.

Андижон вилояти Хўжаобод туманида учта машина иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлган.
2024 йил 4 апрел куни соат 15:30 ларда А 373 Тошкент-Ўш автомобил йўлининг Хўжаобод тумани ҳудудидан ўтган қисмида 22 ёшли ҳайдовчи Cобалт билан қувиб ўтиш қоидасини бузиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтган.
Натижада Cобалт ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган, 33 ёшли ҳайдовчи бошқарувида бўлган Дамас билан тўқнашган. Дамас ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва ўзи билан бир йўналишда ёнма-ён келаётган, «Москвич-412»га бориб урилган.
Cобалт ва Дамас ҳайдовчилари оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай уларнинг иккиси ҳам вафот этган.
Ҳозирда Хўжаобод тумани ИИБ Тергов бўлинмаси ходимлари ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда.







