Ўзбекистонда шакар нархи ошадими?
Вазирлик тармоқда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси томонидан шакар экспортига 2024 йил 31 августгача тақиқ жорий этилгани боис республика ички бозорида шакар нархининг қимматлашгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда шакарга бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани ташкил этади. Республикада фаолият юритаётган “Ангрен Шакар” ва “Хоразм Шакар” МЧЖ шакар ишлаб чиқариш корхоналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан кўп бўлиб, бу ички бозорни талабидан ортиғи билан таъминлашга етарли.
Россия Федерацияси томонидан шакар экспортини чеклаш Ўзбекистоннинг ички бозорида танқисликни келтириб чиқармайди, чунки республикадаги йирик шакар ишлаб чиқарувчи заводларнинг фаолияти Россия билан боғлиқ эмас ва 2023 йилда хомашё, асосан, 762 минг тонна миқдорида (шакар чиқиши 98 фоиз) Бразилия ва Ҳиндистондан импорт қилинган.
Айни пайтда иккита шакар ишлаб чиқариш заводлари томонидан биржага ички бозор учун ҳар куни 2 100 тонна маҳсулот чиқарилаётган бўлиб, унинг атиги ўртача 300 тоннаси сотилмоқда, холос.
Шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар маълумотига кўра, бугунги кунда етарли (4 ойлик савдо учун) шакар ва шакар хом-ашёси захираси мавжуд бўлиб, Бразилиядан хом-ашё кириб келиши давом этмоқда.
“Нафақат Россиядан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам тайёр шакар маҳсулоти импорти чеклансада, маҳаллий корхоналар томонидан ички талабни тўла қондириш имконияти мавжуд”, дейилади вазирлик хабарида.







