Жиззахда болани калтаклаган ўқитувчи ишдан ҳайдалди
Бундан ташқари, унга нисбатан жарима жазоси тайинланган.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида ўқувчини урган ўқитувчи ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи Д.M. дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда у 2023 йилнинг 26 декабрь куни мактаб ўқитувчиси С.M. вояга етмаган фарзанди O.T.нинг юз қисмига бир неча бор тарсаки уриб, турли номақбул сўзлар билан ҳақорат қилганини билдирган.
Жиззах вилояти Зомин тумани ММТ бўлимининг тегишли мутахассислари томонидан ҳолат ўрганилиб, мазкур умумий ўрта таълим мактаб директорининг буйруғига асосан С.M. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, жорий йилнинг 23 январдаги жиноят ишлари бўйича Зомин туман судида ўқитувчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, С.M. га нисбатан МЖтКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 52-моддасини (Енгил тан жароҳати етказиш) содир этган деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида жарима жазоси белгиланган.







