Болалар қўлига игна санчган ўқитувчи ишдан ҳайдалди
Унинг устидан 15 нафар ота-она шикоят қилган.

Ижтимоий тармоқда Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчилар қўлига игна санчиб жазолаб келгани айтилган хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 16 апрель куни Тошкент шаҳри Сергели тумани, 277-ўрта мактаб 1-«Э» синф ўқувчиларининг 15 нафар ота-оналари мазкур мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-«Э» синф раҳбари С. Р. нинг устидан шикоят қилган.
Мурожаатда ота-оналар синф раҳбари С. Р. ўқувчилар қўлининг кафт қисмини устига саморез ва игналар билан санчиб, турли жароҳатлар етказганлиги, гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини билдиришган.
1-«Э» синф раҳбари С. Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.







