Тошкентда талаба Исроил элчихонасини ёқиб юбормоқчи бўлди
У Фаластиндаги касалхоналар бомбардимон қилинганлигидан таъсирланиб, шу ишга қўл урган.

У ижтимоий тармоқ орқали Исроил томонидан Фаластиндаги касалхоналар бомбардимон қилинганлиги, оқибатда жуда кўп мусулмонлар ва айниқса ёш болалар ўлганлиги ҳақидаги видеони кўриб, ундан таъсирланиб, Исроил давлатига нисбатан мусулмонлар учун ўч олиш мақсадида Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасига ўт қўйишни режалаштирган.
Судланувчи ўтган йилнинг 19 октябрь куни соат 04:30 атрофида ўзига тегишли бўлган спорт сумкасига бир дона 0,45 грамм ҳажмли ёнувчи «керосин» суюқлиги солинган шиша идиш, гантель спорт анжомининг уч дона ажратилган тошлари, икки қути гугурт ва мато бўлакларини жойлаб, Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси биноси томонга борган. Шундан сўнг шиша идиш ва гантель тошини девор устидан элчихона ҳовлиси ичига улоқтиришга эришган.
Суд ҳукмига кўра судланувчи ЖКнинг 155-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилди.
Унга нисбатан ЖКнинг 155-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.







