Тўнғич қиз синдроми
Унинг хавфи нимада?

Тўнғич ва кичик болаларнинг улғайиши турлича бўлади — натижада уларнинг ҳаёти ҳам болаликдаги одатлар ва тарбияга мос равишда шаклланади. Психологлар хулосасига кўра, оиладаги тўнғич қизларнинг бошига “кўп ишлар” тушади.
Одатда тўнғич фарзандлар дунёга келганда ота-оналар ҳали ёш ва тажрибасиз бўлади. Шу сабабли тарбияга бобо ва бувилар аралашади. Иккинчи фарзанд эса ўзгача эътибор билан сийланади. Учинчи фарзанд катта опаларининг юкламаларини ўз зиммасига олишига тўғри келади. Кейин кенжа фарзанд ота-онасидан кўра, катта фарзандлар ўгитлари билан яшайди.
Нега тўнғич фарзандлар тез улғаяди?
Ҳомиладорлик вақтидаги стресс
Калифорния университети мутахассислари ҳомиладорлик вақтидаги стресс билан тўнғич фарзанднинг улғайиши ўртасидаги алоқани ўрганиб кўришди. Мақола Psychoneuroendocrinology журналида чоп этилди.
Тадқиқотчилар ҳомиладорликнинг 15, 19, 25, 31 ва 37 ҳафталарида аёллардаги стресс даражасини ўрганишди, сўнгра 8-10, 11-12 ва 13-16 ёшлардаги болаларда жинсий етилиш маркерларини қайд этишди. Аниқланишича, бўлғуси онадаги юқори асабийлик натижасида тўнғич қизлар тезроқ улғайишган. Тўнғич ўғил ва кейинги ўғил фарзандларда бу ҳолат кузатилмаган.
Гендер қолиплар
Психотерапевт Натали Мурнинг айтишича, оилада фарзандлар кўп бўлса, қизлар тезроқ улғайишига ва кўплаб кўникмаларни эртароқ эгаллашларига тўғри келади. Сабаб ягона, кичик ука-сингиллари бобида ота-онасига кўмаклашиш.
Чунки қиз — бўлғуси бека/рафиқа/она, онанинг ёрдамчиси…
Қандай оқибатлар билан курашади?
Ўта кучли масъулият
Бу ҳиссиёт оилада ривожланиб, бутун умр давомида тўнғич қизлар елкасида бўлади. Руҳий, жисмоний, молиявий кўмак кўрсатиш ҳиси уларга доим ҳамроҳ бўлади.
Мукаммалликка интилиш
Дўстлик, муносабатлар, ишда – ҳамма жойда улар мукаммал бўлишга ҳаракат қилишади. Оқибатда аёллар эрта чарчоқ, тушкунликдан азият чекиб, ўзларини тўлақонли бахтли ҳис қила олишмайди.
Тўнғич қизларга маслаҳатлар
Бир қарашдан аёллар учун катта опа бўлиш жуда қулай бўлиши мумкин — улар сингиллари ва укаларига ғамхўрлик қилишга ўрганиб қолишган ва бундан мамнун бўлишади. Аммо қуйидагиларни ҳам унутмаслик керак:
- сизга ёқмайдиган ёки зарар келтирадиган ишни ўзгалар учун асло бажарманг;
- гоҳида назоратни четга суриб, одамларга ўзлари истагандай яшашга қўйиб беринг;
- одамлардан маслаҳатим ўзи керакми, деб сўранг;
- бутун масъулиятни бўйнингизга олаверманг.







