Сирдарёдаги омборда ёнғин чиқди
Ҳолат бўйича ФВБ маълумот берди.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган омборда ёнғин содир бўлди.
Қайд этилишича, 1 июнь куни соат 21:35 ларда Гулистон шаҳар Маънавият маҳалласида жойлашган лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш омборида ёнғин келиб чиққан. Воқеа жойига зарурий ёнғин-қутқарув автомобиллари ва воситалари жалб этилган.
Содир бўлган ёнғиндан бинонинг том қисми ҳамда бино ҳудудида бўлган иккита юк ташувчи автомобиль қисман зарарланган.
Ҳодиса оқибатида инсонларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари кузатилмаган. Ёнғин бартараф этилиши Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти томонидан тўлиқ назоратга олинган.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.







