Блогер Мурод Махсудов 7,5 йилга қамалди
Суд уни туҳмат, товламачилик ва ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор деб топди.

4 июн куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яшнобод туман суди 42 ёшли блогер Мурод Махсудовни 7,5 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди.
Пойтахт судлари матбуот хизмати хабарига кўра, у Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг "а" ва "г" бандлари (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат), 165-моддаси 2-қисмининг "б" банди (Кўп миқдорда товламачилик) ва 167-моддаси 2-қисмининг "б" ва "г" бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айбдор деб топилди.
Шу билан бирга, суд Мурод Махсудовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1 ва 2-қисмлари (Анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик) бўйича айбсиз деб топди ва реабилитация қилди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.







