Сирдарёда ҳаракатланаётган “КамАЗ” ёниб кетди
Вилоят ФВБ воқеа бўйича изоҳ берди.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида “КамАЗ” юк машинаси ёниб кетган. Ҳодиса кеча, 9 июл куни содир бўлган.
Шу куни соат 22:08 да м-39 Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг Мирзаобод тумани “Оқолтин” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланаётган “КамАЗ” юк машинасида ёнғин содир бўлган.
Оқибатда, юк машинасининг салон қисми, 4 та баллони ҳамда кузови қисман ёнган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ёнғин соат 22:36 да ўчирилган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Қайд этилишича, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган.
“Барча ҳайдовчилардан, автомашиналарини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказишларини ва йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилишларини сўраб қоламиз”, — дейилади хабарда.







