Энди ҳар куни 6 соатга “свет” ўчириладими?
Энергетика вазирлиги тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Қайд этилишича, вазирликнинг 26 июль санасида соатлик ва кунлик электр энергияси истеъмоли рекорди янгилангани ҳақидаги хабарида келтирилган фактлар нотўғри талқин қилинаётган ҳолатлар учрамоқда.
Хусусан, бир қатор Телеграм каналларида бири-биридан кўчириб босилаётган постларда юқоридаги материалда келтирилган маълумот — 26 июль Тошкент шаҳрида соат 11 дан соат 17 гача айрим истеъмолчиларга киритилган қисқа муддатли вақтинчалик чекловлар ҳақидаги факт “Электр энергияси 11 дан 17 гача ўчирилади” мазмунида нотўғри талқин қилинмоқда.
Таъкидланишича, соат 11 дан соат 17 гача электр энергиясини ўчириш режалаштирилмаяпти.
“Энергетика вазирлиги ҳеч бир ҳудудда бу каби ўчиришларни режалаштирмаяпти. Хабарда фақат келгусида кузатилаётган иссиқлик фонида қайсидир ҳудудда ортиқча юклама туфайли авария ҳолати юзага келиш эҳтимоли пайдо бўлса, ўша тармоқ ёки трансформатор токи совиб олгунига қадар қисқа муддат тармоқдан узиб турилиши мумкинлиги айтилган” , дейилади муносабатда.







