Тил сертификати йўқ мактаб ўқитувчиларига яна бир йил муддат берилди
Мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг розилиги олинган.

B2 сертификатга эга бўлмаган мактаблардаги хорижий тил ўқитувчиларига яна бир йил муддат берилади. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев томонидан имзоланган хатда кўрсатиб ўтилган.
Маълум қилинишича, умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши талаби 2025/2026-ўқув йилига қадар узайтирилмоқда. Мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг розилиги олинган.
Ушбу ҳолатни инобатга олиб, 2024/2025-ўқув йили олдидан B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган мактабларда амалда ишлаб турган хорижий тил ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилмаслик сўралган.
Шунингдек, тегишли даражага эга бўлмаган, ҳозирда фаолият олиб бораётган хорижий тил ўқитувчилари томонидан белгиланган сертификатлар 2024/2025-ўқув йили якунига қадар олиниши ҳудудий бошқармалар томонидан назоратга олиниши талаб этилган.







