Тошкентдаги хусусий боғчада тарбиячи болани уриб, ҳақоратлади
Бу ҳақида Болалар омбудсмани хабар берди.

Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячи болани уриб, ҳақоратлади.
Маълум қилинишича, болалар омбудсманига Тошкент шаҳрида яшовчи И.Н. ва Б.Н. (ота-она) мурожаат қилган. Улар ўз мурожаатида 2021 йилда туғилган фарзанди хусусий мактабгача таълим муассасасида тарбияланишини, 29 июнь куни навбатчи тарбиячи Ш.К. (аёл) фарзандини уриб, ҳақоратлаганини билдирган.
Айтилишича, ота-она ҳолат юзасидан муассаса мудирасига мурожаат қилиб, видеотасвир нусхасини олмоқчи бўлганида мудира томонидан рухсат берилмаган ва тарбиячига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Болалар омбудсманининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўрови асосида мазкур ҳолат вазирлик мутасаддилари томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижасида боғча тарбиячиси Ш.К.га нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, муассасанинг кейинги фаолияти давомида болаларга тазйиқ ҳолатларига йўл қўймаслик устидан вазирлик тизимли назорат қилиши билдирилди.







