Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Истанбулдаги консулхона мурожаат билан чиқди.

Туркияда ота-оналардан вояга етмаган фарзандларини турли мактабларда мутаассиб қарашлар сингдирилишидан эҳтиёт қилишлари сўралди. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали Истанбулда айрим хорижий давлатлар номи остидаги ўзбек болаларига мўлжалланган мактаблар рекламаси тарқалмоқда. Бу мактабларда хорижий тиллар, робототехника, диний билимлар, информатика ва жисмоний тарбия машғулотлари ўргатилиши эълон қилинган.
“Ушбу ўқув юртларидаги диний дарслар Аҳли сунна ақидаси асосида эканлиги таъкидланишига қарамай, айрим ўқитувчилардаги мўътадил исломга зид эътиқодий қарашларнинг таълим олувчиларга сингдирилиши келгусида жамиятимизда ақидавий зиддиятларни юзага келтириши мумкин.
Шундан келиб чиққан ҳолда ота-оналардан вояга етмаган фарзандларини турли мактабларда мутаассиб қарашлар сингдирилишидан эҳтиёт қилишларини сўраймиз”, дейилади хабарда.







