Чегарада 44 та “Iphone 16” тўхтатиб қолинди
Уларнинг қиймати 900 млн сўмни ташкил этмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси тузилмалари томонидан вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбирда чегарадош ҳудудда аввалдан тезкор кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Lacetti” автотранспорт тўхтатилиб белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, ушбу автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 44 дона “Iphone 16 ProMax” русумли уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.
Мазкур телефонларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 900 млн. сўмни ташкил қилмоқда. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







