Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Анқарадаги терактдан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилди.

23 октябрь куни Анқара шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Туркиянинг барча ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилди.
“Шу муносабат билан ватандошларимиздан жамоат жойларида ҳушёрликни оширишлари ва эҳтиёт чораларини кўришлари, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кемалар станцияларида, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари сўралади”, — дейилади Бош консулхона мурожаатида.
Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган фуқаролардан аэропортларга учиш учун қайддан ўтиш (регистрация) вақтидан камида 1 соат олдин етиб боришларини, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хавфсизликни таъминлаш (Özel güvenlik) бўлинмалари ходимларига хабар беришни тавсия этди.
Анқарадаги теракт
23 октябрь куни Анқарадаги TUSAS аэрокосмик корпорация объектига аёл ва эркак қуролли ҳужум уюштирди. Ҳужумни амалга оширганлар зарарсизлантирилди. Қурбонлар сони 5 кишига етди, ярадорлар эса 22 нафарни ташкил этмоқда. Улардан уч нафари шифохонадан чиқарилган. Туркия Ички ишлар вазири Али Ерликая мамлакатда тақиқланган Курдистон Ишчи партиясини ҳужумда гумон қилмоқда.
24 октябрь куни Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ ва Сурия шимолидаги Курдистон ишчи партияси объектларига зарбалар берди. Авиазарбалар натижасида жами курдларга тегишли 47 та нишон муваффақиятли йўқ қилинган.







