Бухорода уйида шер боласини сақлаган фуқаро ушланди
Ҳозирда шер боласи ҳайвонот боғига топширилган.

Ромитан туманининг “Қоқиштувон” маҳалласида яшовчи фуқаро ўз хонадонида ёввойи шер боласини ноқонуний равишда сақлаб келаётгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 92-прим 1-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига юборилди. Шер боласи эса Сомоний боғида ташкил қилинган вақтинчалик ҳайвонот боғига жойлаштирилди.
Қонунчиликка кўра, 2025 йил 1-январдан бошлаб жисмоний шахсларга айрим ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш тақиқланган. Шунингдек, ушбу ҳайвонлардан давлат ва кўчма циркларда (чодирларда) томошалар учун фойдаланиш ҳам ман этилади.







