Фарғонада ўғлини ўлдирган эркак 10 йилга қамалди
Фожиага автомобилдан фойдаланиш борасидаги жанжал сабаб бўлган.

Суд ҳужжатларига кўра, жабрланувчи ўғил бошқа бир кишидан автомобиль ижарага олиб фойдаланган, кейинчалик эса уни 2 700 АҚШ доллари эвазига гаровга қўйган. Ота қарзни тўлаб, машинани эгасига қайтарган, бироқ ўғил ўша хатони яна такрорлаган. Ўзида машина қолмаганидан норози бўлиб, отасининг ижарага олган Ласеттиъсидан фойдаланмоқчи бўлган ва шу сабаб ота-бола ўртасида яна можаро келиб чиққан.
Жанжалдан кейин ота турмуш ўртоғининг ижарадаги уйига кетган, лекин ўғил унинг ортидан бориб, яна можарони давом эттирган. У отасини ҳақорат қилиб, машинани ҳар қандай йўл билан тортиб олишини айтган. Шундан сўнг, ота ўғлини болалар хонасига олиб кириб, уни аввал дазмол билан, сўнгра тикув машинаси ва вентилятор билан урган. Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.
Суд иши Марғилон шаҳар суди томонидан кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.







