Lifestyle

Туркияда Гермеснинг мармар ҳайкали топилди

Унинг умумий баландлиги 1,65 метрга етади.

Туркияда Гермеснинг мармар ҳайкали топилди

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Аспендос қадимий шаҳридаги археологик қазишмалар пайтида Гермеснинг мармар ҳайкали топилганини маълум қилди:

 

“Аспендос қадимий шаҳрида “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида давом этаётган археологик қазишмаларда Рим императорлик даврига оид Гермес ҳайкали топилди. Афродита ва Эроснинг бошлари, Артемида ва Немесисга тегишли ҳайкалларнинг парчалари ҳам худди шу ҳудуддан топилди”.

 

Эрсой қайтадан дунё юзини кўраётган тарихий топилмаларнинг мамлакатга, маданият ва туризм соҳасига фойдали бўлишини таъкидлаб, лойиҳага ҳисса қўшган Маданий мерос ва музейлар бош бошқармаси ходимларига миннатдорчилик билдирган.

 

Зевснинг хабарчиси Гермес тасвирланган ҳайкал

 

Вазирлик томонидан берилган баёнотга кўра, Аспендосда қазиш ишлари 2024 йил бошланган бўлиб, қазиш ишлари жараёнида Театр кўчасининг шарқида жойлашган кириш дарвозасининг жанубий қанотидаги монументал фаввора харобалари орасидан Гермеснинг мармар ҳайкали топилган.

 

Топилмада Олимпнинг бош худоси Зевснинг хабарчиси ва худоларнинг энг “чаққони” Гермеснинг ҳайкали тасвирланган. Гермес юнон мифологиясида йўллар, савдо, меҳмондўстлик, дипломатия, мусобақалар ва астрономия худоси бўлиш билан бирга ўғрилар ва савдогарлар, сурувлар ва чўпонларнинг ҳимоячиси сифатида ҳам танилган.

 

Ҳайкал ўнг қўлида ҳамён, чап қўлида эса елкасидан пастга осилган ридоси билан таёқ ушлаб турган ҳолда тасвирланган. Унинг чап оёғи ёнида боши Гермес томон қаратилган қўчқор ҳайкалчаси бўлган.

 

Қазишмалар давомида парча-парча топилган ҳайкалнıнг деярли барча қисми қазиб олинган ва ҳайкал қазилмалар омборида бирлаштирилиб, бутун ҳолатга келтирилади.

 

Пойдеворини ҳисобга олган ҳолда умумий баландлиги 1,65 метрга етадиган асар ўзининг услубий хусусиятларига кўра Рим империяси даврига (милодий II аср охири — III аср боши) тегишли.

 

Худди шу ҳудудда Афродита ва Эроснинг ҳам бошлари топилган

 

Гермес ҳайкали топилган ҳудудда севги ва гўзаллик маъбудаси Афродита ва севги худоси Эросга тегишли деб тахмин қилинган бошлар ҳам топилган. Ҳайкаллар ҳудудга хос бадиий услубда ишланганлиги ва даврнинг эстетик тушунчасини акс эттиргани кузатилган.

 

2024 йилда “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида олиб борилган қазишмаларда худди шу ҳудудда ов, ёввойи табиат, ҳайвонлар ва табиат маъбудаси Артемида билан адолат, тақдир ва қасос рамзи бўлган Немесисга тегишли эканлиги тахмин қилинган тана аъзолари ҳам топилган.

 

Аспендос қадимий шаҳрида олиб борилган қазишмалар минтақанинг маданий меросига ойдинлик киритишда давом этмоқда.

 

Зарифа Алиева – нур улашувчи шифокор, фидойи олима ва ғамхўр она

Зарифа Алиева – нур улашувчи шифокор, фидойи олима ва ғамхўр она

Машҳур офтальмолог олима, академик Зарифа Алиева таваллудига 103 йил тўлди. Унинг бой илмий мероси бугун ҳам юксак қадрланмоқда.

Телеграм энди оддий мессенжер эмас, ахборот манбаи ҳам!

Телеграм энди оддий мессенжер эмас, ахборот манбаи ҳам!

Платформа мустақил рақамли экотизим сифатида ривожланиб бормоқда.

Мисрда 70 та футбол майдонига тенг улкан музей очилди

Мисрда 70 та футбол майдонига тенг улкан музей очилди

У ерда 100 мингдан ортиқ археологик артефактлар намойишга қўйилган.

ChatGPT тиббий ва юридик маслаҳат беришни тўхтатади

ChatGPT тиббий ва юридик маслаҳат беришни тўхтатади

OpenAI чат-ботдан фойдаланиш қоидаларини янгилади.

Парижда кўк рангдаги сурат 18,4 млн еврога сотилди

Парижда кўк рангдаги сурат 18,4 млн еврога сотилди

Бу Францияда суратлар учун энг юқори нарх экани айтилмоқда.

Лондонда аёл мия операцияси вақтида мусиқа чалди

Лондонда аёл мия операцияси вақтида мусиқа чалди

Бу воқеа мусиқанинг шифо кучини яна бир бор исботлади.

Дунёдаги энг бадбўй ҳидли гул ўғирлаб кетилди

Дунёдаги энг бадбўй ҳидли гул ўғирлаб кетилди

У коллекционерлар томонидан катта маблағ эвазига сотилиши мумкин.

Эйнштейннинг скрипкаси аукционда сотувга қўйилди

Эйнштейннинг скрипкаси аукционда сотувга қўйилди

Унинг бошланғич нархи тахминан 270 минг доллар этиб белгиланган.

Туркияда Гермеснинг мармар ҳайкали топилди | Zamon.uz