Ўзбекистон У17 терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди
Жамоа Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида мағлуб этишди.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритди. Исломжон Исмоилов шогирдлари барча ўйинларда кучли рақибларини мағлуб этди ва Қатарда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳам қўлга киритди.
Гуруҳ босқичида Таиланд (4:1), Хитой (2:1) ва Саудия Арабистонини (3:0) мағлуб этган футболчиларимиз, чорак финалда БАА (3:1), ярим финалда эса КХДР (3:0) устидан йирик ғалабаларни қўлга киритишди. Финалда эса икки ўйинчи майдондан четлатилганига қарамай, Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида мағлуб этишди.
Мусобақа давомида Неъматуллоҳ Рустамжонов — энг яхши дарвозабон, Асилбек Алиев — энг яхши тўпурар, Садриддин Ҳасанов — турнирнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди. Энди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.







