Кеч ухлаш тана тизимларига қандай зарар етказади?
Вазн ортишининг сабаби кеч ётиш бўлиши мумкин.

Америкалик гастроэнтеролог Саурабҳ Сетининг фикрича, ярим тундан кейин ётиш одати нафақат уйқу сифатига, балки саломатликнинг кўплаб муҳим жиҳатларига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, кеч ётиш ва уйқунинг мунтазам бузилиши ичак фаолияти, гормонал мувозанат, руҳий ҳолат ва умумий соғлиқ ҳолатига зарар етказади. Бу ҳолат кўпинча иштаҳанинг ортишига олиб келади, бу эса ортиқча вазнга сабаб бўлади.
Шунингдек, бефарқлик, руҳий тушкунлик, диққат жамлаш қобилияти ва хотира билан боғлиқ муаммолар ҳам кеч ухлашнинг оқибатлари сирасига киради.
"Уйқу етишмаслиги вақт ўтиши билан тананинг барча тизимларига, айниқса, гормонлар, жигар ва ичак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади", — дейди доктор Сети.
У кеч ётиш одати инсоннинг руҳий саломатлигини ҳам издан чиқариши мумкинлигини қўшимча қилди. Фаровонликни сақлаб қолиш учун у бир вақтда, яхшиси ярим тунгача ухлашга ётишни ва кунига камида 7-9 соатлик уйқуни тавсия қилади.







