Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга боради
Президент Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ҳамда МДҲ саммитида иштирок этади.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 7-9 октябрь кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади.
Давлат раҳбари ташриф доирасида «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида ўтказиладиган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
Маслаҳат учрашувида сиёсий-дипломатик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, энергетика соҳасидаги шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чора-тадбирлар, маданият, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамда ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари кун тартибидан ўрин олган.
Учрашувларда минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар, шунингдек, тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилади.
МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг якунлари сарҳисоб қилиниб, уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилади. МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигини нишонлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирлар якунида қатор қўшма ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилган.
Ташриф дастуридан икки томонлама учрашувлар ҳам ўрин олган.








