“Ўғлим мени танимай қолмасмикин?”: “Реал Санжик” судда сўнгги сўзини айтди
Санжар Каримов қамоқда умрини ўтказиш оғир эканини таъкидлади ва суддан яна ота ва ўғил бўлиш имкониятини сўради.

Бугун Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида «Реал Санжик» номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Судда сўнгги сўзини айтган Санжар Каримов ҳукм нафақат қонун, балки виждон тарозисида ҳам ўлчанишини исташини билдирди.
У отасининг вафотидан тўрт ой ўтиб қамалганини айтиб, суддан яна ота ва ўғил бўлиш имкониятини беришни сўради.
«Ҳаётга бир марта келамиз. Шу умрни қамоқда ўтказиш мен учун жуда оғир. Абдулла Акромович, сиз “қасамёд қилганман” дедингиз. Менга ҳам яна ўғил, яна ота бўлиш имкониятини беринг», — деди у.
Каримов уйда уни онаси, хотини, ўғли ва отасининг қабри кутаётганини таъкидлади.
«Мен бир нарсадан қўрқаман... Ўғлим мени танимай қолмасмикин? Бир кун келиб, ўғлимнинг “дада” деган ширин сўзини яна эшитишни истайман. Илтимос, ўша кун бугун бўлсин», — деди у судда.








