Янги Рим Папаси ким?
У ҳаётининг катта қисмини Перу халқига бағишлаган.

8 май куни Ватикан тарихий воқеага гувоҳ бўлди. Рим-католик черковининг 267-Папаси этиб кардинал Роберт Френсис Прево сайланди. У ўзига Лев ХИВ исмини олди ва шу тариқа, тарихда биринчи бор АҚШ фуқароси Папа лавозимини эгаллади.
Янги Папани танлаш жараёни бўлган конклавда 133 нафар кардинал қатнашди. Тўртинчи овоз бериш босқичида Прево кўпчиликнинг овозини олиб, янги черков раҳбари бўлди. Анъанага кўра, бу хабар Сикстин капелласининг томидан кўтарилган оқ тутун орқали эълон қилинди. Бутун дунё навбатдаги Папани шу тарзда таниди.
Роберт Прево 1955 йил 14 сентябрда Чикагода туғилган. Унинг келиб чиқиши француз, итальян ва испан халқларига бориб тақалади. У диний таълимни Авлиё Августин ордени мактабида бошлаган, Вилланова университетида математика бўйича таҳсил олган ва Римда каноник ҳуқуқ соҳасида чуқур билим олган. Ҳаётининг катта қисмини Перу халқига бағишлаб, у ерда черков ва таълим тизимида фаол хизмат қилган. Сўнгра АҚШда ҳам черковдаги етакчи лавозимларда ишлади. 2023 йилда кардинал унвонини олди. 2025 йил бошида эса черков ирархиясидаги энг юқори даражалардан бири — кардинал-эпископликка кўтарилди.
Эндиликда у бутун дунё католикларга йўл кўрсатувчи инсон сифатида янги даврни бошлаб бермоқда.
Жумаева Шаҳзода







