“Бону”: ҳалол яшаш, матонат ва бардош ҳақида китоб
Асар ўзининг бетакрор услуби ва кучли образлари ажралиб туради.

Нотўғри йўлнинг боши осон ва лаззатли бўлгани билан ниҳояси азобдир. Аммо ҳалол йўлнинг роҳатини унинг охирида ҳис қиласан. Иқбол Мирзонинг "Бону" асари ўзининг бетакрор услуби, кучли образлари ва инсоний ҳис-туйғуларни ифодалашдаги юксак маҳорати билан ажралиб туради.
Асарда Бону исмли ёш қиз ҳаёти орқали ўқувчига ижтимоий ва шахсий муаммолар чуқур ёритилади. У бобосининг ўгитлари ва ота-онасининг меҳрида улғайган, китоб ва шеъриятга ошно қиз эди. Орзуси рўёбга чиқиб, шаҳардаги университетга ўқишга қабул қилинади. У ерда Олмос исмли шеъриятга қизиқувчан йигит билан танишади ва улар орасида илиқ муносабатлар бошланганидек туюлади.
Аммо воқеалар кутилмаган тарзда ўзгаради. Бону оғир дардга чалиниб, юзини оқ доғлар босгач, жамият ундан юз ўгиради. Гўзаллиги билан маҳалладошларини мафтун этган қиз бирдан ёлғизликка дучор бўлади. Ҳатто Олмос ҳам ундан воз кечади. Бу ҳолат “қалб гўзаллиги муҳим” деган иборанинг кўпчилик учун фақат сўзда қолганини исботлайди.
Бону барча оғирликларга қарамай, ҳалол йўлни танлайди. Ёлғизликда ҳам, чет элда мусофирликда ҳам, у бу ҳаёт курашини тўхтатмайди. Ҳеч кимдан ёрдам кутмай, онасини таъминлашга, ёрдамга муҳтожларга кўмак беришга ҳаракат қилади. Ҳатто унга хиёнат қилган Олмосга ҳам беминнат ёрдам кўрсатади.
Бону тимсолида аёлнинг матонати, вафоси, муҳаббати ва инсонийлик фазилатлари тўлақонли акс этган. У ўзга юртда Шоира ва Рухсорага ёрдам беради, Лора ва Ларанинг ҳаётини сақлаб қолади.
Бу асар – барча аёл ва қизларимиз учун сабоқ ва ибрат манбайи. Бонунинг тимсолида ҳалол яшаш, матонат билан бардош бериш, меҳр ва инсонийлик устувор бўлган ҳаёт фалсафаси гавдаланади.
Аҳмаджонова Муслимабону







