Туркияда мусиқий йўл қурилди
Унда транспорт воситалари ҳаракати билан куй чалинади.

Туркиянинг Транспорт ва инфратузилма вазирлиги мамлакатда илк бор мусиқий йўл лойиҳасини амалга оширди. Ушбу инновацион йўл Анқаранинг Наллиҳан туманида қурилган бўлиб, ҳайдовчиларнинг эътиборини жалб қилиш ва хавфсиз ҳаракатни таъминлашга хизмат қилади.
Вазир Абдулқодир Уралўғлининг сўзларига кўра, йўлга махсус белгилар ва тешиклар ўрнатилган бўлиб, улар орқали автомобиллар ўтганда тебраниш ва овоз ҳосил бўлади. Транспорт воситаси белгиланган тезликда ҳаракат қилганида, ушбу тебранишлар мусиқий оҳангга айланади.
Лойиҳа йўлларда хавфсизликни оширишга, ҳайдовчиларнинг тезликни меъёрда сақлашига ёрдам бериши кутилмоқда. Тизим ҳайдовчиларни ортиқча тезликдан қайтаришга ва йўл ҳаракати маданиятини оширишга хизмат қилувчи технологик янгилик сифатида баҳоланмоқда.







