Мисрдан Ўзбекистонга дори воситалари етказилди
Дорилар С гепатитига қарши қўлланилади.

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Миср давлатидан 2025 йилдаги биринчи инсонпарварлик ёрдами сифатида С гепатитига қарши дорилар Ўзбекистонга олиб келинди. Бу лойиҳа Президентнинг С гепатитини тўлиқ даволашга оид ташаббуси доирасида амалга оширилди.
Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижасида 114 829 АҚШ долларига тенг бўлган 7 440 дона Софосбувир - 400мг дориси 31 та қутида беғараз ёрдам тариқасида топширилди. Ушбу дори воситалари 31 май куни Шарм эл-Шеикҳ — Тошкент авиарейси орқали юртимизга етказилди.
Мазкур препаратлар Ўзбекистонда С гепатитига қарши 2030 йилгача мўлжалланган миллий дастур асосида Вирусология илмий-текшириш институтига топширилади. Элчихона маълумотига кўра, 2023–2024 йилларда ҳам Миср ҳукумати томонидан қиймати 1,4 миллион долларга тенг бўлган 12,4 тонналик 27 партия дорилар Ўзбекистонга етказилган. Мутахассислар бир беморнинг 3 ойлик тўлиқ даволаниши учун 3 қадоқ Даслатасвир ва 3 қадоқ Софосбувир кераклигини билдирган.







