Россияда мигрантлар уриб-тепиб ташланди
Ҳолатга Миграция агентлиги муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқда Россияда ноқонуний мигрантларга қарши кучли рейд ўтказилгани акс этган видео тарқалди. Видеода ОМОН зобитлари мигрантларни тепкилаб, кўчага олиб чиқаётганини кўриш мумкин.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.
Маълумотларга кўра, рейд якунида ҳужжатларида муаммо аниқланган 5–6 нафар шахс ушлаб қолиниб, ҳолатни аниқлаш мақсадида ички ишлар бўлимига олиб кетилган ва улар орасида икки нафар Тожикистон фуқароси депортация қилинган.
“Россия Ҳукумати вакиллари ва йирик иш берувчилар томонидан Ўзбекистон фуқароларини ушбу мамлакатга тартибли ва ташкиллаштирилган тарзда ишга жалб қилишга йилдан - йилга кескин қизиқиш ортиб бораётган бир шароитда, айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чет эл фуқароларига нисбатан бундай қўпол муносабатни кузатилиши афсус ва таассуф уйғотади”, дейилади муносабатда.







