Энди ҳайдовчилар фақат ўз ҳудудида таксичилик қилади
Бу ҳақида расмий тартиб белгиланди.

Янги тартибга кўра, йўналишсиз такси ҳайдовчилари фақат лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудуддагина фаолият юритиши мумкин. Бу ҳақида Транспорт вазирлиги маълумот берди.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовга кўра, бу тартиб янгилик эмас. У 2011 йилда қабул қилинган 139-сон қарорда ҳам мавжуд бўлган. Унга асосан, такси ҳайдовчилари фақат ўз ҳудудларида ишлаши кераклиги белгиланган эди. 2025 йилда эса ушбу тартибни янгилаган ҳужжат қабул қилинган ва амалиётга татбиқ этилмоқда.
Тартиб қандай ишлайди?
Ҳар бир ҳайдовчи ўз ҳудудида ёки унга туташ ҳудудларда таксичилик қилиши мумкин.
Масалан, Тошкентда рўйхатдан ўтган (01 рақамли) автомобиль:
Тошкент шаҳри
Тошкент вилояти
Сирдарё вилоятида ишлаши мумкин.
Қашқадарёлик ҳайдовчи эса фақат Қашқадарёда ёки унга яқин ҳудудларда фаолият юрита олади.
Бу тартиб, расмийлар таъкидлашича, тартибни сақлаш, маҳаллий ҳайдовчиларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ташувлар хавфсизлигини ошириш учун жорий этилган.
Айни вақтда бу ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Транспорт вазирлиги эса бу қарор аллақачон кучга кирганини ва босқичма-босқич амалга оширилаётганини маълум қилган.







