Тошкентда кадастр ва газсизликдан чарчаган одамлар “Star house” раҳбарини калтаклади
Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманида фуқаро ва қурилиш ташкилоти вакиллари ўртасида юз берган жанжал акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 13 июнь куни соат 20:50 ларда Чилонзор тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган “Star house” МЧЖ офисида содир бўлган. Аниқланишича, қурилиш компанияси раҳбари, 1973 йилда туғилган Б.M. ҳамда жамият томонидан қурилган кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олган бир гуруҳ фуқаролар ўртасида баҳс келиб чиққан.
Фуқаролар уйнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани ҳамда газ таъминоти уланмагани сабабли норози бўлиб, масъулларга эътироз билдирган. Можаро давомида МЧЖ раҳбари B.M. “бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши” ташхиси билан, 1987 йилда туғилган фуқаро O.У. эса “қорин соҳасида оғриқ” билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув якунида қонунчиликка мувофиқ қарор қабул қилиниши таъминланади.







