Тошкентда онлайн наркодўкон аъзолари қўлга олинди
ДХХ ва ИИВ ҳамкорлигида йирик наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган махсус операция натижасида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида гиёҳванд моддалар савдосига ихтисослашган жиноят тармоғининг беш нафар аъзоси қўлга олинди.
Аниқланишича, улар Тошкент шаҳри Янги Ҳаёт туманида ижарада яшаб, “Telegram” мессенжери орқали мижозлар билан боғланиб, синтетик наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган. Хусусан, 400 грамм «Альфа-ПВП» моддаси 0,3 граммли кичик ўрамларга бўлиниб, Андижон вилоятидаги харидорларга етказилаётган вақтида тўхтатилган.
Тезкор тадбир давомида улар томонидан илгари Андижон вилояти ҳудудида яширин тарзда жойлаштирилган 53 дона 0,3 граммли синтетик наркотик моддалар ҳам топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Суриштирувни кенгайтириш давомида, мазкур гуруҳнинг асосий ташкилотчиларидан бири — 2003 йилда туғилган, Андижон вилояти Избоскан туманида истиқомат қилувчи фуқаро ҳам Тошкент шаҳри Янги Ҳаёт туманида қўлга олинди. Ундан бошқарувидаги автомашина салони ва юкхонасидан 986 грамм гашиш ҳамда 7 килограмм «Альфа-ПВП» синтетик моддалари аниқланиб, далилий ашёлар тариқасида олинди.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари наркогуруҳнинг мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳванд моддаларни Тошкент шаҳри, шунингдек Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида тарқатиб келганлигини кўрсатмоқда.
Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25 ва 273-моддаси 5-қисми асосида жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш белгиланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







