Нидерландияда мушакбозлик ва петарда ёқиш тақиқланади
2025 йилги Янги йил байрами фуқаролар учун петарда ва мушакбозликни ёқишнинг охирги имконияти бўлади.

Нидерландиянинг юқори палатали парламенти 2026 йилдан бошлаб хусусий шахсларга петарда ва мушакбозлик маҳсулотларини ёқишни тўлиқ тақиқловчи қарорни маъқуллади.
Қарорнинг қабул қилинишига асосий сабаб — ҳар йили Янги йил арафасида кучаядиган зўравонлик ҳолатлари бўлган. Айниқса, бу ҳолатларда полиция, ёнғин ўчириш ва қутқарув хизматлари ходимларига қарши ҳужумлар ортиб бораётгани хавотир уйғотди.
Нидерландияда ушбу масала йиллар давомида баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келаётган эди. Тиббиёт ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳайвонларни ҳимоя қилувчи ва экологик ташкилотлар узоқ йиллардан бери петардаларни тақиқлашни талаб қилиб келган, бироқ парламентда бу борада етарли кўпчилик овоз мавжуд эмас эди. Ниҳоят, бу йил ушбу чорани қўллаб-қувватловчилар устун келди.
2025 йилги Янги йил байрами фуқаролар учун петарда ва мушакбозликни ёқишнинг охирги имконияти бўлади.
Қўшни Германияда эса ҳали бундай тўлиқ тақиқ йўқ, аммо жамиятда бу борадаги босим ортиб бормоқда. 2025 йил 5 январга келиб, Германияда петардаларни умумхалқ даражасида тақиқлашни талаб қилган петицияни 1 миллион 90 мингдан ортиқ одам имзолаган. Петицияда айтилишича, фавқулодда хизмат ходимлари Янги йил кечасида ҳаёти ва соғлиғи билан хавф остида қолмоқда, чунки петардалар уларга қарши қурол сифатида ишлатилмоқда.







