Япониядаги жазирама чой бозорини ларзага солди
Иссиқлик яшил чой ҳосилига путур етказди – нархлар рекорд даражага кўтарилди.

Япония метеорология агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил 1898 йилдан бери қайд этилган энг иссиқ йилга айланди. Иссиқлик наfaqat инсонлар саломатлигига, балки чой плантацияларига ҳам катта зарар етказган.
RBK хабарига таянган ҳолда Point.md нашрининг маълум қилишича, ғайритабиий ҳарорат туфайли Киото ва Айчи префектураларида жойлашган чой плантацияларининг ҳосилдорлиги кескин камайган. Айниқса, бу ҳудудлар Японияда энг кўп матча ишлаб чиқариладиган жойлар ҳисобланади. Киотонинг ўзи мамлакатдаги барча матча чойининг чорак қисмини етиштирувчи ҳудуд саналади.
Олтинчи авлод матча ишлаб чиқарувчиси Масахиро Йошида бу йил бор-йўғи 1,5 тонна ҳосил олганини айтмоқда — бу одатдаги 2 тоннали йиллик кўрсаткичдан 25 фоиз кам.
Бироқ ички ва халқаро бозорда чойга талаб 10 баробарга ошган. Натижада, 2024 йилда Япониядан яшил чой экспорти 25 фоизга кўтарилиб, 252 миллион долларга етган. Нархлар ҳам рекорд даражага чиққан: май ойида Киотода матча нархи 1 кг учун 8000 иенани (55 доллардан ортиқ) ташкил этган, бу эса 2016 йилги рекорддан 170 фоиз юқори.
Шунга қарамай, танқислик муаммосини тезда ҳал қилиш осон эмас. Экспертларга кўра, янги плантацияларни барпо этиш ва ҳосил олиш учун камида беш йил вақт керак бўлади.
Иссиқ об-ҳаво наfaqat чой ишлаб чиқаришга, балки инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатди. 2024 йилнинг июль ойи Япония тарихидаги энг иссиқ ой бўлди. Фақатгина Токионинг ўзида жазирама оқибатида 123 киши вафот этган, мамлакат бўйича эса 1 200 дан ортиқ одам иссиқлик зарбасидан жабрланган.







