Тошкентдаги жарима майдончаларида машиналар тўлиб кетдими?
Пойтахтда ҳайдовчилар машинасини жарима майдончасидан олиб чиқиб кетолмаётгани ҳақида хабарлар қанчалик рост? Zamon.uz аниқлик киритди.

Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрида ЙҲХБ кенг кўламли рейдлар ўтказиб, кўплаб машиналарни жарима майдончасига жойлаштиргани, ҳайдовчилар эса жаримани тўлаб, машиналарини қайтариб ололмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Яъни ҳайдовчилар жарималарни тўлашлари учун касса ва онлайн базалар ишламаётганидан норозилик билдиришган.
Ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Zamon.uz аниқлик киритиш учун Яшнобод туманидаги жарима майдончасига ва халқ тилида “ЎзБУМ” дея аталувчи тўловлар амалга ошириладиган маъмурий амалиёт бўлимига борди.
Мазкур бўлим масъулларининг изоҳ беришича, куни кеча юзага келган шов-шувли ҳолатга электр таъминотида узилиш ортидан базанинг вақтинча ишламай қолгани сабаб бўлган. Унинг фаолияти қайта тиклангунча 5-6 соатлаб вақт кетган.
“Ҳозирда база ишламоқда, тўловларни амалга оширган фуқаролар машинасини жарима майдончаларидан олиб чиқиб кетмоқда”, - дейди тўлов амалиёти бўлимидаги масъул ходим.
“Биринчи марта машинам жарима майдончасига тушди. Ҳозир база ишлаяпти экан, тўловни қилиб машинамни олиб чиқиб кетаман” дейди ёш ҳайдовчилардан бири.
“3 кун олдин жарима майдончасига машинам олиб кириб қўйилганди. Бугун тўлов қилиб, уни олиб чиқиб кетаман. Пул бўлса, муаммо йўқ. Тўлов қилиняпти”, дейди тўлов учун навбатда турганлардан бири.
Шундан сўнг Zamon.uz машиналарни олиб чиқиб кетиб бўлмаётгани айтилган жарима майдончасига бориб, у ердаги вазиятни ҳам ўрганди.
“Ҳар куни 10 дан ортиқ машина олиб чиқиб кетиляпти. Бугун ҳам куннинг ярмига 5-6 та машина чиқди”, дейди жарима майдончасида ишловчи қоровул.
Zamon.uz аҳоли дуч келаётган муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларни ўрганишда давом этади.







