Тошкентда қувур портлаши оқибатида 3 киши жароҳатланди
Бир нечта машиналарга ҳам шикаст етган, лекин бу борада расмий маълумот берилгани йўқ.

Бугун, 10 июль Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фаробий кўчасидан ўтган Д-800 mm.li иссиқлик таъминоти қувурида босим остида сув қувурининг ёрилиши ҳодисаси содир бўлган эди.
Ҳолат бўйича ФВБ қўшимча маълумот эълон қилди. Аниқланишича, ушбу ҳолат режавий тадбир асосида ўтказилган коммунал тармоқдаги иссиқ сув тармоғини босим остида текшириш жараёнида юзага келган.
Ҳозирда иссиқлик сув қувуридаги ушбу ҳодиса коммунал-техник авария-тиклаш бригадаси куч ва воситалари билан бартараф этилиб, носозлик оқибатларини тугатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ССБ ва коммунал соҳа ташкилотлари масъуллари ҳамда куч ва воситалари жалб қилинган.
Ҳодиса оқибатида 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олган ва уларга воқеа жойида тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Уларни шифохонага олиб боришга эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли, ўз уйларига рухсат берилган.







