Эрдўған кейинги президентлик сайловларида қатнашмайдими?
Тарқалаётган хабарлар юзасидан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Zamon.uz га аниқ маълумот берди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған кейинги президентлик сайловларида қатнашмаслигини эълон қилгани ҳақидаги видеолар тарқалди. Ҳатто, айрим фойдаланувчилар Эрдоғон йиғлаб нутқ сўзлаганини сайлов билан боғлаб шарҳлашди. Ҳолат юзасидан Zamon.uz Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан боғланди ва хабарларга аниқлик киритди.
Элчихона вакилларининг маълум қилишича, бундай хабарлар ёлғон бўлиб, Туркия Президенти кейинги сайловлардаги иштироки ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар эса аслида президентнинг терроризмга қарши кураш масаласига бағишланган йиғилишдаги чиқишидан олинган. Эрдоғон йиғилишда сўнгги йилларда террорчилик ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлган турк аскарларини эслаб, ҳаяжонланган ҳолда нутқ сўзлаган. Айнан шу ҳолат айрим интернет фойдаланувчилари томонидан нотўғри талқин қилинган ва бу видеолар “сайловдан чекиниш” сифатида тарқатила бошланган.
Туркия элчихонаси фуқаролардан ёлғон хабарларга ишонмасликни ва уларни тарқатмасликни сўраб қолади.







