“Қорабоғни тиклашдаги илк совғани Ўзбекистон берган”
Озарбойжон президенти Шерзодхон Қудратхўжанинг саволига жавоб бериб, Ўзбекистон ёрдамини алоҳида эътироф этди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғни тиклаш жараёнида Ўзбекистоннинг кўмагини юқори баҳолади. Бу ҳақда у Ханкандидаги медиа-форумда ўзбекистонлик журналист Шерзодхон Қудратхўжанинг саволига жавоб берар экан, таъкидлади.
“Биз учун ўзбек биродарларимизнинг ёрдами жуда муҳим. Қорабоғни тиклаш йўлидаги илк совгани Ўзбекистон берган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Фузулида 960 ўқувчига мўлжалланган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очганмиз”, деди Алиев.
Форум давомида Шерзодхон Қудратхўжа Озарбойжон президентига бир нечта саволлар берди. Жумладан, Зангазур коридори ва Алиевнинг отаси – Ҳайдар Алиев ҳақида ҳам сўради. Илҳом Алиев Зангазур коридорини минтақа учун стратегик йўлак деб атади. Отаси ҳақидаги савол эса уни ҳаяжонга солди.
“Ватанимиз учун оғир дамларда халқимизнинг бахтига Ҳайдар Алиевдек инсон бор эди. У пайтда 70 ёшда эди, саломатлигида ҳам муаммолар бор эди. Лекин у мамлакатни инқироздан олиб чиқди. Отам Қорабоғ озод қилинишини энг кўп орзу қилган инсон эди, афсуски, бу кунларни кўра олмади”, деди Илҳом Алиев.







